Биринчи ўрта вазн тоифасида собиқ мутлақ жаҳон чемпиони Жермелл Чарло бисотидаги сўнгги — WBA камаридан ҳам маҳрум бўлди.
Чарло 2022 йилнинг май ойида ўз қўлида барча чемпионлик камарларини бирлаштирган эди. WBA раҳбари Ҳилберто Мендоса раҳбарлигидаги қўмита аъзолари америкалик 33 ёшли боксчини камаридан маҳрум қилиш ва уни “таътилдаги чемпион” деб эълон қилишга овоз берган.
“Таътилдаги чемпион” мақоми Чарлога биринчи ўрта вазндаги WBA чемпионлик камари учун тўғридан-тўғри, ҳеч қандай Элиминатор, яъни саралаш жангларисиз рингга чиқиш ҳуқуқини беради. Ҳозирча Жермеллнинг биринчи ўрта вазн тоифасида қолиб, жангларни ўтказиши ҳам маълум эмас.
Аввалроқ, 8 март куни Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказиладиган бокс оқшомида биринчи ўрта вазнда вакант қолган WBA камари учун ўзбекистонлик Исроил Мадримовнинг россиялик Магомед Курбановга қарши рингга кўтарилиши ҳақида хабар берилганди. Лекин бу жангнинг ўтказилиши ҳамон сўроқ остида қолмоқда.
Изоҳ (0)