Европанинг энг машҳур аристократи ва социалистларидан бири малика Ира фон Фюрстенберг 84 ёшида Римда вафот этди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Малика Виржиния фон Фюрстенберг — аслида Ира фон Фюрстенберг номи билан ҳам танилган — 1940 йил 18 апрелда Римда туғилган. У Фюрстенберг шаҳзодаси Тассило ва унинг биринчи рафиқаси Клара Агеллининг қизи. Малика кўп йиллар давомида модель бўлиб ишлаган, дизайнер Валентинoнинг ташқи алоқалари учун масъул бўлган, кейин ўзи дизайн, косметика ва хайрия билан шуғулланган, шунингдек, фильмларда рол ижро этган. Унинг ролларидан бири “Мен Распутинни ўлдирдим” (1967) фильмидаги малика Ирина Юсупова эди.
Маликанинг ўғли Bild нашрига айтишича, бир неча кун олдин онаси тасодифан сирғалиб, йиқилиб тушган. Оқибатда унинг қовурғаси синиб, ўпкасини босиб қолган. Шундан сўнг маликада пневмония бошланган, натижада унинг юраги тўхтаб қолган.
Ира фон Фюрстенберг билан видолашув 23 февраль куни Римда бўлиб ўтади. Кейин унинг жасади Зальцбург яқинидаги оилавий қабристонга олиб кетилади.
Изоҳ (0)