Европа Иттифоқининг дипломатия бўйича раҳбари Жосеп Боррелнинг айтишича, Европа Иттифоқи Исроил ҳукуматининг Рафаҳда амалга ошириши мумкин бўлган қуруқликдаги операция режаларидан жуда хавотирда.
“Европа Иттифоқи Исроилнинг халқаро ҳуқуқ ва халқаро гуманитар қонунларга мувофиқ ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тан олади. Европа Иттифоқи Исроил ҳукуматидан Рафаҳда ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмасликни сўрайди, бу эса аллақачон ҳалокатли аҳволда бўлган гуманитар вазиятни ёмонлаштиради ва зарур хизматларни, инсонпарварлик ёрдамларини шошилинч равишда тақдим этишга тўсқинлик қилади”, — деди Боррел.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир Рафаҳда “бир миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана топган”.
ЕИ халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ барча тинч аҳоли ҳимоясини доимий равишда таъминлаш муҳимлигини яна бир бор тасдиқлайди ва ҲАМАСга барча гаровга олинганларни зудлик билан озод қилишга чақирувини такрорлайди, дейилади Боррел мурожаатида.
19 февраль куни ЕИ Ташқи ишлар кенгаши Брюсселдаги йиғилишида Ғазо секторидаги вазиятни кўриб чиқади.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху қўшинларни Рафаҳга жўнатмаслик ҳақидаги чақириқларни рад этиб, бундай қарор мағлубиятга тенг бўлишини айтди. Шу билан бирга, бош вазир Исроил тинч аҳолини Рафаҳдан эвакуация қилиш учун хавфсиз ўтиш йўлагини таъминлашини таъкидлади.
Ғарб давлатлари, шунингдек, Саудия Арабистони, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт ва Иордания Исроилнинг Рафаҳга ҳужум уюштириш режасини танқид қилди.
Изоҳ (0)