Кема денгиз тубини масофадан туриб зондлаш вақтида аниқланган. Ускуналар Кивино яриморолидан тахминан 56 км шимолда “чуқур аномалия” борлигини кўрсатди.
Кемалар ҳалокатини тадқиқ қилувчи жамият мутахассислари аномалияни гидролокатор ёрдамида текшириб, Супериор кўлида 180 метрдан ортиқ сув остида ётган “Арлингтон” кемасини аниқлади.
Мутахассисларнинг фикрича, кема ҳалокати сирли воқеа билан боғлиқ. “Арлингтон” 1940 йилнинг баҳорида Онтариога кетаётганда чўкиб кетган. Саёҳат чоғида Супериор кўли қалин туман билан қопланган ва кечаси бўрон кўтарилган.
“Арлингтон” ва яна бир йирик юк кемаси “Коллингвуд” ноқулай об-ҳаво туфайли йўлдан адашган ва тўқнашган. “Арлингтон” сувга тўла бошлаганида, капитан ёрдамчиси кемани Канаданинг шимолий қирғоқларига яқинроқ ерга йўналтиришга уринган, аммо капитан Фредерик Берк бунга рози бўлмай, яна очиқ кўлга қайтишни буюрган.
1 май эрта тонгда “Арлингтон” чўкишни бошлаган. Экипаж эвакуация қилинади ва “Коллингвуд” томон йўл олади. Аммо “Арлингтон” капитани қочиб қутула олмайди ва кема билан чўкиб кетади.
Капитан нима учун ўзини шундай ғалати тутгани ва чўкаётган кемада қолгани сирлигича қолмоқда. Омон қолганларнинг айтишича, улар охирги марта Беркни кеманинг штурвали ёнида кўрган. “Арлингтон” чўкиб кетишидан олдин у “Коллингвуд” томон қўл силкитган.
Изоҳ (0)