Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрида содир бўлган ёнғинда ўзбекистонлик фуқаролар жароҳат олди. Бу ҳақда Kazinform хабар берди.
Ёнғин 13 февраль куни шина таъмирлаш устахонасида содир бўлган ҳамда 42 квадрат метр майдонни қамраб олган. Ёнғин юз берган жойда икки нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган. Воқеа жойига етиб келган тез ёрдам хизмати биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, зудлик билан касалхонага етказган.
Ёнғин хавфсизлиги хизмати вакиллари 40 литр ҳажмли икки дона газ баллонини хавфсиз жойга олиб чиққан.
“Ёнғин пайтида жароҳатланган икки кишининг аҳволи оғир. Улар жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ҳолат тегишли чоралар кўрилганидан кейин маълум бўлади”, — дейилади Манғистау вилояти шифохонаси матбуот хизмати хабарида.
Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда.
Изоҳ (0)