Тожикистондаги умумтаълим муассасаларида таълим ютуқларини баҳолашнинг 10 баллик янги тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда, деб хабар берди Республика Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати.
Бу масала 9 январь куни Душанбеда Тожикистон таълим ва фан вазири Раҳимжон Саидзода бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилишида асосий мавзуга айланди.
Йиғилишда таълим соҳасидаги етакчи мутахассислар, жумладан, мамлакатнинг турли шаҳар ва туманларидаги таълим бошқармалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Тожикистон Таълим академияси А.Жомий номидаги Таълимни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти раҳбари Асадулло Нажмиддиён “Тожикистон Республикаси таълим муассасаларида 10 баллик баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича қўлланма” лойиҳасини тақдим этди.
Шунингдек, Республика ўқув-услубий маркази директори Раҳмонали Мирзозода сўзга чиқиб, таълим муассасаларида ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш бўйича ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашди.
Таълим ва фан вазири таълим соҳасида ислоҳотлар зарурлиги, мактаб ўқувчилари билимини баҳолашнинг янги тизимига ўтиш муҳимлигига алоҳида тўхталди.
Шаҳар ва туманлар таълим бўлимлари раҳбарлари ва мутахассисларига мазкур лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этиш бўйича топшириқлар берди.
Ҳозирда Тожикистонда беш баллик тизим ишламоқда.
Изоҳ (0)