“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ раиси қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган А.Д. (эркак, 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган)га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 7 февралдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи А.Д.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)