Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги 52-сонли автобус ҳайдовчиси транспортни қўпол равишда бошқариши оқибатида йўловчи аёл ва унинг қизи тан жароҳати олгани ҳақида хабар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат” матбуот хизмати муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 1-автобус саройи филиалига бириктирилган, сарой рақами 172-бўлган 52-сонли автобус ҳайдовчиси А.А. йўловчи ташиш қоидаларини бузиб, ўзига бириктирилган автобусни эҳтиётсизлик билан бошқарган.
Ҳайдовчи йўловчилар автобусга чиқиб бўлмасидан автобус эшикларини ёпиши оқибатида 2 нафар йўловчи тан жароҳати олган. Ўзининг хизмат вазифасини суиистеъмол қилгани учун ҳайдовчи А.А. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
“Шунингдек, барча ҳайдовчилар билан йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзилларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсадимиз экани, йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлик, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилди”, – дейилади хабарда.