Ўзбекистонда Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига қўшимча ваколат берилди. Президент томонидан имзоланган қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритилди.
Унга кўра, болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларни бажармаганликда, жамоат жойларида тамаки ёки алкогол маҳсулотини истеъмол қилганликда, шунингдек вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилганликда айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологларига зарур ваколатлар берилди.
Бундан ташқари, ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларига тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ваколати берилди.
Қонун 2024 йил 2 февралдан бошлан кучга кирди.
Ушбу қонун Сенатнинг қирқ тўққизинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланганди. Сенаторлар қонун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилишини қайд этганди.
Изоҳ (0)