Филиппин президенти Бонгбонг Маркос машҳур Coldplay рок гуруҳи концертига хизмат вертолётида борди ва бу танқидларни келтириб чиқарди. Бу ҳақда Тhе Guardian хабар берди.
Концерт куни Филиппин пойтахти Манилада улкан тирбандликлар юзага келган. Президент тирбандликда турмаслик учун стадионга боришда хизмат вертолётидан фойдаланган. Бу оммага маълум бўлгач, ижтимоий тармоқларда давлат раҳбарининг номига танқидлар ёғилган. Жумладан, Бонгбонг Маркос солиқ тўловчиларнинг пулларини исроф қилганликда ва йўл тирбандлигини бартараф этмаганликда айбланган.
Филиппин президенти хавфсизлик хизмати бунга ўз муносабатини билдирган. Унда Манила шаҳри Coldplay концертига ташриф буюришни хоҳловчиларнинг “мисли кўрилмаган оқими”га дуч келгани, жумладан, концертда 40 минг киши қатнашгани таъкидланади.
Бу “транспортда ҳаракатланиш билан боғлиқ кутилмаган қийинчиликларни” келтириб чиқарди. Таъкидланишича, тирбандлик президент хавфсизлигига таҳдид солиб, уни ҳукумат вертолётидан фойдаланишга мажбур қилган.
Coldplay концерти куни Маниладаги тирбандлик шу қадар ёмон эдики, гуруҳнинг солисти Крис Мартин саҳнадан томошабинларга мурожаат қилар экан, бу “дунёдаги биринчи рақамли тирбандлик” эканини айтган.
Изоҳ (0)