Флорида губернатори ва республикачи Рон Десантис президентлик кампаниясини тўхтатди. Бу ҳақда Десантиснинг ўзи Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилди. Сиёсатчи ўз тарафдорларини Дональд Трампга овоз беришга чақирди.
15 январь куни Айовa штатидаги кокусларда Десантис 21 фоиз овоз билан иккинчи ўринни эгаллаган эди, Трампга эса 51 фоиз сайловчилар овоз берган. 20 январь куни сиёсатчи режалаштирилган интервьюларни бекор қилди, кейинги куни эса у 23 январда праймериз бўлиб ўтадиган Ню-Хемпшир штатида митинг ўтказмасликка қарор қилди.
Десантис 2023 йилда Республикачилар партиясидан номзодликка Дональд Трампнинг асосий рақиби ҳисобланган. Сиёсатчи ўз номзодини 24 май куни расман эълон қилган, аммо шундан кейин обрўсини йўқотишни бошлаган: Десантис ўзининг оммавий чиқишлари ва Трампга “ҳужум қилишни” истамагани учун танқид қилинди, ёзда эса кампания молиялаштиришда тақчилликка дуч келди ва штаб бошлиғини алмаштиришга тўғри келди. Ўзининг энг юқори чўққисида Десантиснинг рейтинги 30 фоиздан ошди, аммо сўнгги ойларда 10 фоизга тушди.
Праймериз бошланиши арафасида республикачилар орасида АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси Никки Хейли иккинчи ўринни эгаллаб турибди.
Собиқ президент Дональд Трамп Республикачилар партиясининг праймеризда яққол фаворит ҳисобланади. У Айовa штатидаги кокусларда кўп овоз билан ғалаба қозонди ва сўровларда Ню-Хемпширда етакчилик қилмоқда.
Изоҳ (0)