Америкалик сиёсатчилар ичида шундай инсон борки, унинг портретини кўрган ҳар бир одам танийди. 1914 йилдан буён унинг юзи АҚШнинг 100 долларлик купюрасини безаб келмоқда. Аммо бирор кимга “Бенжамин Франклин ким бўлган?” дея савол бериб кўрсангиз, катта эҳтимол билан, “Америка президенти” деган жавобни оласиз.
Бу хато. Бу инсон кўплаб соҳаларда ўзини синаб кўрган, аммо ҳеч қачон АҚШ президенти бўлмаган. Балки яна озроқ муддат яшаганида, ушбу хатоликка чек қўйган бўларди, лекин шундоқ ҳам унинг умри ғаройиб воқеаларга бой ўтган. “100 буюк инсон” лойиҳаси доирасида бундан 318 йил олдин худди шу кунда дунёга келган, Америка тарихидаги энг машҳур инсон ҳақида ҳикоя қиламиз.
Бенжамин 1706 йилнинг 17 январь куни Бостонда, Милк-Стрит кўчасида, инглиз иммигранти Жосайя Франклин оиласида дунёга келади. Франклинлар оиласи катта бўлган, дейиш бу — етарлича берилган баҳо эмас: Бенжамин оиладаги 15-фарзанд бўлган.
Совун ва шам тайёрлаш билан шуғулланган Жосайя фарзандларига яхши таълим беришни истар, аммо бунга пул етмасди. Ота Бенжаминнинг бошланғич мактабда фақат икки йил ўқий олишига пул тўлаган, холос. Болакай 10 ёшидан бошлаб падарига кўмаклашишни бошлайди, икки йилдан кейин эса акаси Жеймснинг босмахонасида уста сифатида ишга киришади. Босмахона узоқ йиллар давомида унинг асосий мутахассислигига айланди.
Меҳнаткаш “тўрғай”
Бенжамин ҳаётда бирор муваффақиятга фақат тинимсиз меҳнат орқали эришиш мумкинлигини тушуниб етади. У мустақил таълим олишга кўп вақт сарфлайди, ишчанлиги асосини эса ташкилотчилик ва тартиб ташкил этарди.
Франклин бутун умри давомида соат 05:00 да уйғонди, кун қандай ўтишини майда деталларига қадар режа қилди ва шундан кейингина уларни амалга оширишга киришди. “Кеч уйғонган одам ишини шомга қадар тугатиш учун кун бўйи югуришга мажбур бўлади”, — дерди Франклин.
1723 йилда Франклин Филаделфияга боради ва колония губернатори уни Лондонга жўнатади: у Буюк Британия пойтахтида 1,5 йил қолиб кетади. Франклиннинг метрополия (мустамлакаларга эга бўлган капиталистик давлат) билан муносабатлари йиллар давомида ўзгариб борди. 1765 йилга қадар у Шимолий Америка колонияси — Британия империясининг ажралмас қисми, деган фикрда эди. Кейин эса федерация ғоясини тутиб, мустамлаканинг ҳуқуқлари метрополияники билан бир хил бўлиши керак, дейди. Охир-оқибат Британия парламентида мустамлака ҳуқуқларини кенгайтиришга эриша олмаган бўлажак сиёсатчи тўлиқ мустақиллик ҳақида гап очади.
Аммо 1720 йилларда бу воқеаларга ҳали жуда эрта эди. Лондондан қайтиб келгач, 1727 йилда Франклин Филаделфияда ўз босмахонасини ишга туширади. Бир йилдан кейин “Жунто” номли Филаделфия ҳунармандлари ва савдогарлар клубига асос солади, 1743 йилга келиб у Америка фалсафа жамиятига айланиб кетди.
Голфстримни ўрганишни бошлаган почта мудири
1729 йилда Бенжамин Франклин “Пенсилвания газетаси”ни, уч йилдан кейин эса ҳар куни чиқадиган “Бечора Ричард алманахи”ни чоп этишни бошлайди. Охирги йилларга бориб Франклиннинг ўзи ёзган кўплаб ибратли воқеалар, фойдали тавсиялар, мақоллар, иқтибосларни ўқиш мумкин эди. Вақт бу — пул ибораси айнан Франклин томонидан ўйлаб топилган.
1737 йилда анча таниқли ва муваффақиятли инсонга айланиб улгурган Франклин Пенсилвания почта мудири этиб тайинланади, 1753 йилда эса у Шимолий Америка колониясидаги барча почталар раҳбарига айланади.
Мазкур лавозимда у ташкилотчи ва қизиқувчан олимлик кўникмаларини тоблаб борди. Франклин Англиянинг Фалмут портидан Нью-Йоркка юборилган почталар Лондондаги Ню-Портдан Нью-Йорк шарқига келадиган савдо кемаларидан икки ҳафта кечроқ келишига эътибор қаратади. Маълум бўлишича, бу Голфстрим оқими сабаб содир бўлади.
Почта кемаларига инглиз денгизчилари бошчилик қилган бўлиб, улар мазкур оқимдан бехабар эди, савдо кемаларини эса америкалик денгизчилар бошқарган. Франклиннинг талаби билан денгизчилар ўз кузатувларини хариталарга тушира бошлайди ва натижада Голфстримнинг биринчи харитаси пайдо бўлади.
Яшинқайтаргичдан тебранма курсигача
Илм-фан, айниқса, физика Франклиннинг энг яхши кўрган йўналиши эди. Унга қатор ихтиролар тегишли бўлиб, энг машҳури яшинқайтаргич ҳисобланади. Франклин тасвирлаган ихтиро 1752 йилда пайдо бўлади:
“Ингичка темир стерженни олинг-да, 3-4 фут пастки қисмини нам ерга теккизинг, 6-7 фут қисмини эса бинонинг энг юқори қисмидан чиқариб қўйинг. Стерженнинг учига узунлиги бир фут келадиган мис симни ўранг. Баланд бино ёки омборнинг икки четига биттадан стержен қўйиб, уларни томда ўзаро боғлаб қўйса бўлади. Бундай ускуна билан ҳимояланган уй яшиндан қўрқмаса бўлади. Буни елканли кемаларда ҳам синаса бўлади”.
Яшинқайтаргич Франклиннинг табиий электр токи билан боғлиқ кўплаб тажрибаларининг меваси эди. Умуман олганда, унинг ихтироларининг аксарияти электр билан боғлиқ. Масалан, Франклин ҳозирги кунда электр энергиясини ифодалашда бутун дунёда қабул қилинган “+” ва “-” ни муомалага киритади; электр двигатель ғоясини илгари сурди; порохни портлатишда илк бор электр чақнашдан фойдаланди…
Электр билан боғлиқ бўлмаган ихтиролари ҳам бор. Хусусан, айнан Франклин кўришида нуқсони бўлганлар учун кўзойнакни ўйлаб топди ва тебранма курси конструкциясини патентлади.
Радикал сиёсатчи
1754 йилда Олбанида мустамлака ҳудуд вакилларининг биринчи конгресси ташкил этилди ва Франклин уни ўтказиш ташаббускорларидан бири эди, кейинроқ эса у бирлашиш режаси билан бўлишди. Шу ондан бошлаб сиёсат ҳам у шуғулланадиган йўналишлардан бирига айланди.
Юқорида Франклиннинг Буюк Британияга нисбатан қарашлари ўзгаргани ҳақида ёзган эдик. Аммо Франклин давлатнинг ички тузилиши борасида анча радикал қарашга эга эди. У мамлакатнинг барча фуқаролари ҳеч қандай чекловсиз сайлаш ҳуқуқига эга бўлиши керак, дея ҳисоблар ва қулликни бутунлай бекор қилиш тарафдори эди.
Франклин демократия борасидаги қарашини кейинчалик афоризмга айланиб кетган қуйидаги фикр билан ифодалаган эди: “Демократия бу — яхши қуролланган жентелменлар ўртасида қоидаларга эга битимдир”.
1750 йиллар охирида Франклин Пенсилваниянинг Лондондаги элчиси ролини бажаради, бу давр давомида у колониянинг ваколатларини кенгайтиришга уринди, аммо сезиларли натижага эриша олмади. 1775 йилда Франклин II Континентал конгресс делегатлигига сайланди ва бу лавозимда АҚШ Мустақиллик декларациясининг устида ишлаган шахслардан бирига айланди.
Уч имзо
1776 йилга келиб илмий доирада улкан обрўга эга Бенжамин Франклин АҚШнинг Франциядаги элчисига айланди. Унинг олдига аниқ вазифа қўйилган эди — Буюк Британияга қарши курашда Париж билан иттифоқ тузишга эришиш. 1778 йилда Франклиннинг саъй-ҳаракатлари билан Америка—Франция иттифоқи тузилди.
Мазкур воқеадан беш йил ўтиб, 1783 йилда Франклин АҚШ томонидан Версал тинчлик битимини имзолади. Ҳужжат Буюк Британиядан мустақил бўлиш учун курашган Шимолий Америкадаги 13 та колония иштирокидаги урушга расман якун ясади.
Франклиннинг мустақил Қўшма Штатларга қайтиши катта хурсандчилик билан кутиб олинди. У Пенсилвания штати қонунчилик йиғини президентлигига сайланди. 1787 йилда Франклин АҚШ конституциясини ишлаб чиқиш билан шуғулланган Конституцион Конвент депутати бўлди.
Натижада Бенжамин Франклин Қўшма Штатлар тарихидаги энг муҳим учта ҳужжат остида имзоси қўйилган ягона шахсга айланди: Мустақиллик декларацияси, Версал тинчлик шартномаси ва АҚШ конституцияси.
Буюк инсоннинг оддий маслаҳати
Унинг илмий ютуқлари бутун дунёда эътироф этилди. 1789 йилда Россия фанлар академияси уни фахрий аъзоликка қабул қилди; Франклин бундай унвонга эга бўлган биринчи америкалик эди.
Бенжамин Франклин 1790 йил 17 апрель куни Филаделфияда 84 ёшида вафот этди. Ўша вақтда аҳолиси 30 мингдан сал ошган шаҳарнинг 20 минг нафари дафн маросимига ташриф буюрди.
Франклин XVIII-ХIX асрдаги янги Америка халқининг руҳий етакчиси ҳисобланади. ХХ аср бошига келиб унга 100 долларлик купюрада жой топилди. Буюк олим ва сиёсатчи ҳақидаги материалимизни якунлар эканмиз, унинг яна бир иқтибосини эслаб ўтишни жоиз кўрдик: “Топаётган пулингиздан кўра камроқ сарфланг — шунинг ўзи бутун ҳикматлар тошидир”.
Изоҳ (0)