Қирғизистонда полиция бир қанча мустақил нашрлар журналистларининг офис ва уйларида тинтув ўтказди.
“24.кг” хабарига кўра, 15 январь куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари таҳририят биносига келган. Бош директор Асел Оторбоева, бош муҳаррирлар Антон Лимар ва Махинур Ниёзовалар сўроққа олиб кетилган. Таҳририятда тинтув ўтказилган. Таҳририят жиҳозлари ва ходимларнинг шахсий телефон рақамлари мусодара қилинган.
Шунингдек, ОАВда 16 январь куни Ички ишлар вазирлиги ходимлари бошқа бир қатор мустақил оммавий ахборот воситаларида ҳам тинтув ўтказгани, 11 нафар журналист ва ОАВ ходимларини сўроққа олиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълум қилинишича, Темиров Ливе ва “Айт Айт Десе” жамоаси аъзолари Махабат Тожибек қизи, Азамат Ишенбеков ва Сапар Акунбековлар қўлга олинган. “ПолитКлиника” журналистлари Тинистан Асипбек ҳамда “Аrcha Media” журналистлари Сайпидин Султоналиевлар ҳам ҳибсга олинган. Кейинроқ Жоодар Бузумов ва Айка Бейшекееванинг қўлга олингани маълум бўлди.
БМТ баёноти
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмий вакили Лиз Тросселнинг айтишича, ташкилот Қирғизистонда журналистларнинг ҳибсга олинишидан хавотирда.
“Ҳукуматнинг сўнгги ҳаракатлари фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва ҳокимиятнинг бошқа танқидчиларига нисбатан кенгроқ босимнинг бир қисми бўлиб кўриняпти. Инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигининг қонуний амалга оширилиши учун жазо сифатида ҳибсга олиш халқаро инсон ҳуқуқлари қонунига зиддир”, — дейди Лиз Троссел.
У расмийларни сўз эркинлигини ҳимоя қилишга ва ОАВ қонунчилиги халқаро инсон ҳуқуқлари стандартларига мос келишини таъминлашга чақирди.
Изоҳ (0)