Сирдарёда метан заправка салкам 62,5 миллиард сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди. Бош прокуратура матбуот хизмати ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
“Б.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқалар жамиятга қарашли Боёвут тумани “Беруний” маҳалласида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида тижорат мақсадларида ноқонуний даромад орттиришни кўзлаиб, ҳисоблагичдан ташқари газ тармоғига тўғридан тўғри ўзбошимчалик билан улаб, ноқонуний равишда табиий газни ўғирлагани аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлат манфаатларига етказилган зарар миқдори жами 62 миллиард 488 миллион сўмни ташкил этган.
Ҳолат юзасидан “Б.М.” МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, икки нафар шахс процессуал тартибда ушланди.
Айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)