“Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва газ таъминоти корхонаси мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари (АГТКШ)да ўтказилган назорат тадбирларида табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Хусусан, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида жойлашган “Б.Э.Г.700” МЧЖга қарашли АГТКШ томонидан газнинг ҳақиқий сарфини камайтириб кўрсатиш мақсадида ҳисобга олиш приборига ташқи таъсир кўрсатган ҳолда унинг схемалари ўзгартирилгани маълум бўлган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур АГТКШ томонидан давлат манфаатларига жами 1 миллиард 258 миллион сўмлик зарар етказилгани аниқланган
Қоидабузар истеъмолчига нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларга тақдим қилинган.
Бундан аввал Андижон, Сурхондарё вилоятлари ва Қорақалпоғистондаги метан заправкалар фаолиятига чеклов ўрнатилганди. Биринчи навбатда аҳоли, шифохона, мактаб ҳамда мактабгача таълим ташкилоти каби аҳамиятга эга муассасаларнинг табиий газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсад қилинган. 12 декабрдан газ заправкаларнинг иш вақтига ўзгартиришлар киритилиб, соат 06:00 дан 12:00 гача этиб белгиланди.
Изоҳ (0)