Тармоқларда Сурхондарё вилоятида фуқароларнинг эшак сўйгани айтилган ва ҳайвонлар жасади кўринган видео тарқалди. Хабарда ушбу гўштлар сотиш учун тайёрланаётгани ёзилган.
Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатовнинг “Дарё”га билдиришича, видео эски.
Аниқлик киритилишича, видеодаги воқеа 2017 йилнинг 6 апрель куни Шеробод туманининг Қўрғон маҳалласидаги адирликда содир бўлган. Айбдорлар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан айбдор деб топилиб, чора кўрилган.
Ушбу қилмишни амалга оширган шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган. Келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун ўз вақтида чоралар кўрилган, — дейди масъул.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар сайёр судида 2021 йилнинг апрель ойида эшак сўйиб, гўштини сотиш билан шуғулланган шахсга нисбатан ҳукм ўқилганди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси эшак гўшти сотилиши ҳақида фикр билдириб, “Бу мутлақо мумкин эмас. Чунки шариатда истеъмоли ножоиз бўлган нарсанинг савдоси ҳам ножоиз деган қоида бор. Эшак гўштининг ҳаромлиги Хайбар ғазоти кунида Payғамбаримиз Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тарафларидан баён қилинган очиқ ҳақиқатдир. Бунга Имом Бухорий саҳиҳ ҳадисларда Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадис далил бўлади”,— дея фатво берганди.
Изоҳ (0)