Сомалида “Аш-Шабоб” гуруҳи аъзолари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг вертолётини экипажи ва йўловчилари билан бирга олиб қочди. БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик вертолёт ўғирлаб кетилганини тасдиқлади.
БМТ вертолёти Сомали марказидаги Беледвейн шаҳридан ҳавога кўтарилиб, ҳукумат кучлари ва “Аш-Шабоб” ўртасидаги тўқнашув чизиғи яқинида жойлашган Висил шаҳрига йўл олганди. Вертолёт ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай, техник муаммо туфайли, гуруҳ назорати остидаги ҳудудга фавқулодда қўнишни амалга оширган.
Вертолётда тиббий буюмлар бўлган, у Галмудуг туманидан ярадор аскарларни олиб кетиши керак эди.
Бортда олти нафар хорижлик ва бир Сомали фуқароси бўлган. Бир киши қочишга уринаётганда отиб ташланган. Яна бир киши бедарак йўқолган, деб ёзади Тhе Guardian.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Сомалидаги ёрдам миссияси зарур бўлганда қўшимча маълумотлар эълон қилинишини билдирди.
“Аш-Шабоб” гуруҳи Сомалининг жануби ва марказидаги аксарият ҳудудни назорат қилади, бироқ қўшни давлатларга, жумладан Кенияга қарши ҳам ҳаракат олиб боради.
2007 йилдан 2012 йилгача “Аш-Шабоб” жангарилари 500 дан ортиқ терактлар уюштирган. 2012 йилда гуруҳ “Ал-Қоида”га қўшилган.
Изоҳ (0)