Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида араб тажрибаси асосида боғ яратилмоқда. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги БАА билан ҳамкорликда ташкил этаётган мазкур боғ ҳудуди 470 гектарни ташкил этади. Лойиҳа қиймати 30 миллион долларни ташкил этиб, унинг биринчи босқичида 20 гектар майдонда голубика резавори синов тарзида тувакларда етиштирилмоқда.
Бундан ташқари, синов учун ажратилган майдон ҳудуди тўлиқ томчилатиб суғориш тизими билан таъминланган.
“Голубика иссиқликка чидамсиз бўлгани учун келгусида махсус тўрлар билан ҳимояланади. Бир гектар майдонга 4000 туп экилиши натижасида ўртача 400−500 тонна ҳосил олиниши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 2 мингта янги иш ўрни яратилади. Майдонга, шунингдек, малина ва сабзавот маҳсулотларини ҳам етиштириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)