Тошкентдаги Paynetъ’ларда пластик картага пул тушириб, нақд пулни бермасдан қочиб кетган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар берди. Ижтимоий тармоқларда ҳолат акс этган бир неча видеолар тарқалиб турли муҳокамаларга сабаб бўлганди.
Пойтахт ИИББ берган маълумотга кўра, 3 январь куни 1993 йилда туғилган Камрон Хусанов Олмазор туманидаги Paynet шохобчасига кириб, пластик картасига 682 минг сўм миқдоридаги пулни ўтказишни сўраган. Айтилган пул миқдори пластик картасига туширилгандан сўнг, у нақд пулни тўламасдан шохобчадан қочиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар агар сиз ушбу шахсдан жабр кўрган бўлсангиз ёки унинг жиноий хатти-ҳаракатлари бўйича маълумотларга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-49-44, 71-206-46-35 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)