Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими даражаси тенденцияларини ҳамда чақалоқлар ўлими хавфи билан боғлиқ асосий омилларни аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот давомида 2021—2022 йилларда UNICEF лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ўтказилган Уй хўжаликларида мултииндикатор кластер кузатуви (MICS)нинг бирламчи маълумотларидан фойдаланилган.
Қайд этилишича, тадқиқот давомида Жаҳон банки томонидан тузилган ривожланиш кўрсаткичлари маълумотлари асосида сўнгги 30 йил давомида Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими коэффициенти динамикасини ўрганиб чиқилган. Графикда келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда чақалоқлар ўлими коэффициентининг йил сайин камайиб борганини кузатиш мумкин.
Ўтказилган таҳлил натижасида боланинг жинси ва бир ёшгача бўлган ўлим хавфи каби омиллар ўртасидаги корреляция аҳамиятсиз эканлиги аниқланган. “Биз эгизак туғилган болалар учун ўлим хавфи кўпроқ бўлишини кузатдик. Маълумотларимизга кўра, эгизак туғилган бир ёшгача бўлган боланинг ўлим хавфи 6,05 фоизга юқори”, — дейилади хабарда.
Чақалоқлар ўлимини аниқловчи навбатдаги омил боланинг туғилиш тартибидир. Тартиб бўйича иккинчи ва учинчи туғилган болаларда хавф 1,04 фоизга, тўртинчи ва ундан кейин туғилган болаларда эса оналари биринчи марта туғаётган болаларга нисбатан 2,22 фоизга юқори бўлган.
“Яна бир кузатув шуни кўрсатдики, олий маълумотли оналардан туғилган болалар учун биринчи туғилган кунига етмасдан ўлим хавфи ҳеч бир маълумотга эга бўлмаган, бошланғич ёки ўрта маълумотга эга бўлган оналардан туғилган болаларга қараганда 2,1 фоизга кам”, — дейилади тадқиқотда.
Шунингдек, туғилиш оралиғи ва чақалоқлар ўлими хавфи ўртасида аҳамиятли статистик корреляцияни кузатилган: туғилиш оралиғи 24 ойдан кам бўлган болаларда бу хавф 2,13 фоизга юқори эканлиги аниқланган. Шунингдек, биринчи фарзандини 18 ёшгача туққан оналардан туғилган болаларда чақалоқлар ўлими хавфи 2,6 фоизга юқори бўлишини қайд этилди.
Таъкидланишича, бола бир ёшгача бўлган даврда ўлим хавфи ва чақалоқ онасининг оилавий аҳволи ҳам бир-бири билан боғлиқ. Оилали оналардан туғилган болаларда бу хавф турмушга чиқмаган аёллардан туғилган болаларга қараганда 1,92 фоизга камроқ.
Шунингдек, болалари беш ёшгача бўлган кўп фарзандли оилаларда бир ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси паст бўлишини қайд этилган. Уй хўжалигида беш ёшгача бўлган яна битта бола бўлса, бир ёшгача бўлган даврда ўлим хавфи 0,8 фоизга камайган.
“Ўзбекистонда MICS 6-раунди чоғида тўпланган маълумотларнинг логит таҳлилини ўтказиш натижасида олинган хулосалар 1 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўлимнинг юқори хавфини белгиловчи асосий омил эгизак туғилиш эканини кўрсатди. Ўтказган тадқиқотимиз, шунингдек, туғилиш тартиби, онанинг олий маълумотли экани, туғуруқлар оралиғи, онанинг оилавий аҳволи, онанинг биринчи фарзанд туғилишидаги ёши ва уй хўжалигида яшовчи беш ёшгача бўлган болалар сони чақалоқлар ўртасидаги юқори ўлим хавфи билан сезиларли даражада боғлиқ деган хулоса ясашга имкон берди. Шунинг баробарида, айрим вилоятларда (Сурхондарё, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё) боланинг бир ёшга тўлмасдан вафот этиши хавфи Ўзбекистон пойтахтига қараганда юқори эканини аниқладик”, — дейилади тадқиқот хулосасида.
Изоҳ (0)