Тошкент вилояти Зангиота туманида 13 ёшли қиз ўгай онаси томонидан мунтазам зўравонликка учраб келаётгани аниқланди. Болалар омбудсмани ҳолат юзасидан маълумот берди.
Хабарга кўра, ҳолат ички ишлар органлари томонидан ўрганилганда видеода 2010 йилда туғилган С.Р.га отаси С.С.нинг турмуш ўртоғи С.Ш. томонидан зўравонлик қилингани ҳолати экани аниқланган. Бу факт юзасидан С.С. ҳам туман ИИБга мурожаат қилиб, турмуш ўртоғига қонуний чора кўришни сўраган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Дастлаб вояга етмаган С.Р. суд-тиббиёт экспертизасидан ўтказилиб, танасида тан жароҳатлари аниқланмаган.
Қизча билан якка тартибда психолог суҳбати ўтказилди. Ҳозирда болага руҳий зўравонлик етказилганлигини ва унинг даражасини аниқлаш учун экспертиза тайинланган. Қарамоғида бўлган болага зўравонлик қилгани айтилаётган С.Ш.нинг руҳий ҳолатига ҳам ҳуқуқий баҳо бериш учун экспертиза тайинланган.
Мазкур факт бўйича олиб борилаётган терговга қадар текширув Зангиота тумани прокуратураси назоратида.
Изоҳ (0)