АҚШ Россия президенти Владимир Путинга қарши Шимолий Европа давлатлари билан янги ҳарбий пакт тузади. У минтақадаги Америка аскарлари ва ҳарбий базалари сонининг кўпайишини назарда тутади. Бу ҳақда Bild хабар берди.
18 декабрь куни Финляндия Қўшма Штатлар билан Америка кучларини мамлакатга жойлаштириш бўйича келишув имзолади. АҚШ ҳарбийлари Финляндиянинг 15 та ҳарбий базасига кириш имконига эга бўлади. Шундан кейин Дания ҳам Вашингтон билан худди шундай келишувни эълон қилди. Швеция аввалроқ бундай шартнома имзолаган эди.
Билд шарҳловчисига кўра, Шимолий Европа давлатлари Путиннинг Россиясидан ҳимояланиш учун АҚШ ёрдамига муҳтож эканини тушуниб етмоқда. Тузилган келишувлар Германия ҳукумати томонидан диққат билан кузатиб борилади. Шу билан бирга, Европада Дональд Трамп 2024 йилда Оқ уйга қайтса, АҚШ ёрдами заифлашиши мумкинлигидан хавотир кучаймоқда.
“Қисқа муддатда биз Бундесверни қайта қуроллантиришда ҳам, Украина масаласида ҳам АҚШнинг кўмагига боғлиқмиз. Чунки бизда етарлича ишлаб чиқариш қуввати йўқ”, — деди Германиянинг ҳукмрон коалициясининг бир қисми бўлган ФДП партиясининг ҳарбий эксперти Маркус Фабер Bild нашрига.
Изоҳ (0)