Андижон вилояти ИИБ ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотлари таркибига ёллаш ишлари билан шуғулланган фуқаро қидирувга берилганини маълум қилди.
Маълум қилинишича, Фарҳод Қамбаров 1989 йилда Андижон вилояти Улуғнор туманида туғилган. У 2014 йилнинг март ойида Москвага мавсумий ишлаш учун бориб, халқаро террористик ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги ғоявий етакчилари таъсирига тушиб қолган.
Оқибатда Қамбаров 2016 йил май ойида Туркияга борган ва у ерда ислом давлати террорчилик ташкилоти аъзолари билан яқиндан алоқа ўрнатган ҳамда ёшларни ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террорчилик ташкилотига ёллаш ишлари билан шуғулланган.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар натижасида Фарҳод Қамбаров Туркиядан Украина орқали Австрияга ўтгани аниқланган. Унга нисбатан 2016 йилда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159- (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) ва 244-моддалари (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қидирув эълон қилинган.
Бундан аввал халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшилган ўзбекистонлик эркак ва унинг ўғли қидирувга берилгани хабар қилинганди. Шунингдек, қизлари билан халқаро террорчилик ташкилоти жангарилари аъзоси бўлган ўзбекистонлик аёл ҳам қидирилмоқда. Ушбу аёл ҳам Россияда яшовчи эркак билан танишиб, икки қизи билан дастлаб Озарбайжон орқали Туркияга, у ердан эса Сурияга ўтган ва халқаро террорчилик ташкилотининг жангарилари сафига бориб қўшилган.
Изоҳ (0)