Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. “М.А.” МЧЖ раҳбари В.Х. ўзига тегишли нотурар жой биносида яширин цех ташкил этиб, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган яроқсиз ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётгани фош бўлган.
7 740 кг чигит, 3 дона жувоз ускунаси, 3 дона электр двигатель ва бошқа ишлаб чиқаришда фойдаланилган товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)