Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Каттақўрғон туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда “Ж.Ж.” МЧЖ раҳбари Ж.М. қариндоши М.Ш.га тегишли нотурар бинода яширин цех ташкил этиб, истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ёғ маҳсулотларини ишлаб чиқараётгани аниқланган. Текширув давомида 350 литр ёғ, 13 330 килограмм чигит, 1 дона жувоз ускунаси ва бошқа товар моддий бойликлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
- Сурхондарёда июнь ойида ҳам истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулотлари муомалага киритилишининг олди олинганди.
- Хоразмда бўлса инсон соғлиғи учун хавфли спиртли ичимликларни тайёрлаб келган шахс фаолиятига чек қўйилгани,
- Наманганда 550 миллион сўмлик дори воситалари йўқ қилингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)