Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги дўконларнинг бирида қиз маст ҳолдаги онаси томонидан калтакланганди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мазкур қизнинг оиласи тўғрисида маълумот берди.
Агентлик томонидан ҳолат юзасидан тегишли ўрганишлар олиб бориш мақсадида шу куннинг ўзидаёқ зудлик билан ишчи гуруҳ тузилган. Дастлабки маълумотларга кўра фуқаро B.А. турмуш ўртоғи билан бирга яшамаслиги, доимий равишда спиртли ичимлик истеъмол қилиши, доимий иш жойига эга бўлмаганлиги сабабли Тошкент шаҳридаги бир қатор туманларда кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг эгалари билан келишиб, уй йўлакларини тозалаб кунлик даромад топиши аниқланди.
Ҳозирги кунда фуқаро B.А. Тошкент шаҳар аёлларни реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилди. Вояга етмаган B.И. Тошкент шаҳар Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилиб, психолог ва педагоглар томонидан унинг руҳий ҳолатини яхшилаш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.
Она ва болага ёрдам кўрсатиш мақсадида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг масъул ходимлари бириктирилиб, мазкур ҳолатнинг келиб чиқиши ва уни бартараф этиш юзасидан комплекс ўрганишлар давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)