Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 2 мингдан ортиқ киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Бу ҳақда адлия вазири ўринбосари Шерзод Раббиев “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтди, деб ёзади “Ҳудуд24”.
“Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда 2 мингдан ортиқ киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Уларнинг мутлақ катта қисми – 86 фоизида ота-оналик мажбуриятларини бажармаганлик, 14 фоизи эса болаларини ташлаб кетгани, уларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказганлиги, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик моддаларига бериши ёки боласи ёки эри (хотини) ҳаёти-соғлигига қасддан жиноят содир этиш сабаб бўлган”, — дейди вазир ўринбосари.
Аввалроқ Иқтисод фанлари доктори, профессор Барногул Санақулов оиладаги зўравонликнинг энг катта қурбони болалар эканини таъкидлаганди. У, шунингдек, қонун қабул қилиниши вазиятнинг 50 фоизигагина таъсир кўрсатишини, қолган 50 фоиз бу зўравонликка учраган аёллар, эркаклар қонунни қанчалик даражада талаб қилиш саводхонлигига эгалигига боғлиқ эканини қайд этган.
Изоҳ (0)