Канада 2026 йилгача Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун 1,3 миллиард Канада долларидан (869 миллион евро) ортиқ маблағ ажратиш ниятида. Буни ҳукумат сайтида эълон қилинган иқтисодий ҳисоботга таяниб, Deutsche Welle хабар берди.
Қайд этилишича, юқоридаги сумманинг 816 миллион Канада доллари (546 миллион евро) 2023—2024 йиллар давомида, 318 миллион доллар (213 миллион евро) 2024—2025 йиллар ҳамда 197 миллион доллар (132 миллион евро) 2025 йилдан 2026 йилгача ажратилади. Ҳужжатда 2026 йилдан бошлаб Украинага ҳарбий ёрдам харажатлари нолга тенг деб белгиланган.
Сентябрь ойида Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Канадага ташрифи вақтида Канаданинг CTV телеканали 2022 йил январидан бери Оттава Киевга 9,8 миллиард доллардан (6,6 миллиард евро) ортиқ ҳарбий, иқтисодий ва гуманитар ёрдам кўрсатганини маълум қилганди.
Куни кеча Германия мудофаа вазири Борис Писториус мамлакат Киевга 1,3 миллиард евро миқдорида ёрдам беришини билдирган эди. Шунингдек, Пентагон Украинага ёрдам учун қаердан пул олганини очиқлаганди.
Изоҳ (0)