Россия президенти Владимир Путин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонни учинчи даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Раҳмон сешанба куни икки кунлик расмий ташриф билан Москвага келди. Музокараларни очар экан, Путин икки давлат ўртасидаги муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани ва жуда юқори даражада эканини, Россия Тожикистоннинг асосий савдо-иқтисодий ҳамкори эканини таъкидлади.
Бу йил Россия ва Тожикистон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги асосий шартнома тузилганига 30 йил тўлди.
“Тожикистон раҳбари олий мукофотга икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси учун сазовор бўлди”, — дейилади хабарда.
“Россия-Тожикистон муносабатларида сиёсат, иқтисодиёт, таълим, маданият соҳаларида эришилган энг муҳим ютуқлар сизнинг фаол позициянгиз, ушбу соҳа ва саъй-ҳаракатларнинг барчасида манфаатдор иштирокингиз ва қўллаб-қувватлаганингиз билан бевосита боғлиқ, десам, муболаға бўлмайди”, — деди Путин.
Изоҳ (0)