Бухоро аэропорти орқали тарихий аҳамиятга эга бўлган 96 дона нумизматика ашёларини олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Бухоро—Внуково авиарейси орқали ҳаракатланаётган фуқаро “Бухоро Аэропорти” чегара божхона постининг божхона назорати зонасидан ўтиш чоғида, унинг кузатиб бориладиган багажи инспексион кўрик мажмуаси ёрдамида сканердан ўтказилган. Натижада ҳеч қандай тегишли ҳужжатларда кўрсатилмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида маълум қилмаган жами 96 дона тарихий тангалар борлиги аниқланган.
Ҳозирда мазкур нумизматика буюмларининг қадимийлик даражасини аниқлаш мақсадида Бухоро вилояти маданий мерос бошқармаси томонидан бадиий экспертиза тайинланган бўлиб, ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида”ги қонунга асосан зарб этилганлигига 50 йилдан ошган нумизматика буюмларини мамлакатимиз ҳудудидан олиб чиқиб кетиш тақиқланади.
Бундан олдин Бухоро халқаро аэропортида қадимий тангаларни олиб чиқмоқчи бўлган эркак тўхтатиб қолингани, Самарқандда Кушонлар даврига оид тангаларни четга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган фуқаро аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)