АҚШ президентлигига номзод Роберт Кеннеди учинчи марта Байден маъмуриятидан уни Махфий хизмат ҳимояси билан таъминлашни сўради. Унинг Лос-Анжелесдаги уйи ҳудудига бир суткада икки марта бостириб киришган, деб ёзади New Ёрк Пост.
Кичик Роберт Кеннедининг уйига биринчи босқинчилик пайтида полиция жиноятчини ҳибсга олган. Бироқ қўйиб юборилганидан кейин у яна АҚШ президентлигига номзоднинг уйига қайтган.
Лос-Анжелес полиция департаменти аниқлик киритишича, босқинчи — 28 ёшли Жонатан Маст. Воқеа содир бўлган вақтда кичик Роберт Кеннеди уйда бўлган.
“Илтимос, президентликка номзод Роберт Кеннедига Махфий хизмат ҳимоясини рад этиш ҳақидаги қарорингизни қайта кўриб чиқинг ва ҳимояни имкон қадар тезроқ бошлашга рухсат беринг. Қонунда назарда тутилганидек, Махфий хизмат номзодни ва сайлов жараёнини ҳимоя қилишга ёрдам беради, шу билан бирга номзоднинг муҳитидаги одамларга, жумладан жамоатчилик вакилларига нисбатан хавфни камайтиради”, — дейилади Роберт Кеннеди кампаниясининг баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, кичик Роберт Кеннеди 2024 йилги президентлик сайловларида мустақил номзод сифатида иштирок этишини маълум қилган.
Кичик Роберт Кеннеди 69 ёшда. У 1965—1968 йилларда Нью-Йорк штатидан сенатор ва АҚШнинг собиқ Бош прокурори (1961—1964) бўлган Роберт Кеннедининг ўғли. Катта Роберт Кеннеди эса 1963 йилда Далласда отиб ўлдирилган АҚШ собиқ президенти Жон Кеннедининг укаси. Акаси каби Роберт Кеннеди ҳам сайловолди кампанияси пайтида отиб ўлдирилган.
Изоҳ (0)