Ўзбекистонда жорий йилда тошқин сувлари, сел ва сув оқимларини хавфсиз ўтказиш тадбирларига 115 млрд сўм йўналтирилди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Фурқат Абдиқодиров маълум қилди.
Ўзбекистон ўз географик ва геологик хусусиятларига кўра, табиий офат ва хавф-хатарларга мойил ҳудуд ҳисобланади. Шунга кўра, доимий равишда Фавқулода вазиятлар, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Сув хўжалиги вазирликлари ва бошқа масъул идоралар ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан сел, тошқин ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, 1027 та хўжалик 5127 нафар фуқаро вақтинчалик хавфсиз ҳудудларга кўчирилиб, 137 та хўжалик 674 нафар фуқаролар муҳандислик-муҳофаза тадбирлари тўлиқ амалга оширилгани муносабати билан сел ва тошқин сувларидан муҳофаза қилинди.
Глобал муаммо бўлган Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш ҳамда мавжуд аҳволни яхшилаш учун Ўзбекистон ўз имкониятлари даражасида Орол денгизининг қуриган тубида 1,7 миллион гектар майдонда қурғоқчиликка чидамли ўсимликлардан иборат яшил ҳудудлар барпо этиш орқали янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)