Рақамли технологиялар вазирлиги IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирликнинг Teлeкоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, тегишли вазирликлар билан келишган ҳолда ҳозирда қарор лойиҳаси ҳукуматда турибди.
“Ўзгаришларнинг ҳаммасини санаб ўтмайман, битта-иккитасини санаб ўтаман. Масалан, чет элдан келаётган фуқаролар учун қулайликлар яратилмоқда. Уларнинг SIM-картаси 30 кунда (IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса) ўчиб қоларди, ўша муддат узайтириляпти”, — дейди Йўлдошев.
Шунингдек, Face-ID технологияси орқали IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги мобил телефонлар махсус IMEI коди бўйича рўйхатга олиниши тартиби 2019 йил 1 апрелдан жорий этилган. 2020 йил 22-сентябр куни мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тизими маъмурияти томонидан мобил қурилмаларни UzIMEI тизимида рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартириш киритилган, унга кўра, қурилманинг IMEI кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши кераклиги белгиланганди. Қатор ОАВ ва блогерлар мазкур ўзгариш қонунга зид равишда амалга оширилган бўлиши мумкинлигини билдирган.
2021 йилда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази” давлат унитар корхонаси фаолияти билан танишиш давомида “IMEI кодларини рўйхатдан ўтказишни янада осонлаштиришимиз керак” деганди.
Изоҳ (0)