Қозоғистоннинг қурғоқчиликдан жабр кўрган Жамбил вилоятидаги қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига етказилган зарар қопланади, деб ёзмоқда “Власт”. 19 сентябрь куни фермер хўжаликларига тўловлар учун давлат захирасидан маблағ ажратиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
“Бугун биз Жамбил вилояти фермерларига етказилган зарарни қоплаш учун ҳукумат захирасидан маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилмоқдамиз. Молия вазирлиги ва ҳокимлик вилоятдаги жабрланган фермерларга тўловларни ўз вақтида тўлашни таъминлаши керак”, — деб кўрсатма берди Қозоғистон Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида бош вазир Алихон Смаилов.
Жамбил вилояти фермерларининг табиий офатлардан кўрган зарарини қоплаш учун ҳукумат захира фондидан 3,6 миллиард тенгедан (7,6 миллион доллар) ортиқ маблағ ажратган.
Жорий йилда Жамбил вилоятида кўплаб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари намлик етишмаслигидан зарар кўрди. Вилоят ҳокимлиги маълумотларига кўра, Бойзак, Жамбил, Қўрдай, Меркен, Рисқулов ва Талас туманларида 400 та агросаноат комплекси субъектининг 9 минг гектар майдондаги ҳосилига зарар етган.
Ҳукумат раҳбари Молия, Қишлоқ хўжалиги ва Миллий иқтисодиёт вазирликларига мамлакат агросаноат мажмуасини субсидиялаш учун қўшимча маблағ ажратиш бўйича иш олиб боришни ҳам топширди.
“Озиқ-овқат корпорациясининг устав капиталини ошириш масаласини янги ҳосилдан бевосита озиқ-овқат ва ем-хашак сотиб олиш учун ишлаб чиқиш керак. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Озиқ-овқат корпорацияси нон ишлаб чиқариш учун ғаллани арзонроққа етказиб бериш жадвалларини қайта кўриб чиқиши керак”, — деди Қозоғистон бош вазири.
Ҳукумат қарори имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради.
Изоҳ (0)