Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Маълум қилинишича, департаментнинг Учтепа туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.Т. исмли шахс фуқаролар М.А. ва Т.А.га 3,3 минг доллар эвазига гўёки ИИБда ишловчи танишлари ёрдамида ҳеч қандай ўқув машғулотларига қатнашмасдан “Б”, “C”, “Д” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб беришни ваъда қилгани аниқланган. У келишилган пулдан 1 650 долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Хонобод шаҳар бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “А.-Г.” МЧЖга қарашли автомактабнинг бошқарув устаси И.С. фуқаро Ф.М.га танишлари ёрдамида “Б” тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 650 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Апрель охирларида Тошкент вилоятида сохта сертификат эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси олган фуқарога суд ҳукми ўқилганди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Май ўрталарида бўлса, Фарғонада 200 долларга “права” олиб беришни ваъда қилган автомактаб раҳбари ушланганди.
Изоҳ (0)