Президент раислигидаги йиғилишда саноат тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан мутасадди идораларга қатор топшириқлар берилди.
Жумладан, бош вазир бошчилигида тун-у кун ишлайдиган республика штаби тузилади. Жойларда ҳам вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудий штаблар ташкил этилади. Штабда иқтисодиёт, инвестиция, солиқ, божхона, банк, энергетика, стандарт, кадастр вакиллари корхоналардан 24 соат давомида муаммоларини қабул қилиб, уларни тезкор ҳал қиладиган тизим бўлади.
Ҳафта якунида ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан бирга барча масалалар бош вазир ҳузурида муҳокама қилинади ва қолоқликларга йўл қўйган раҳбарларга чора кўрилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 232 та маҳаллий саноат корхонасида ишлаб чиқаришни ошириш, 210 та йирик саноат лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш чораларини кўриш топширилди. Саноат зоналари ва йирик лойиҳаларнинг инфратузилма билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш ва бу ишлар учун ажратилган 1,2 триллион сўмни тўлиқ ишлатиш вазифаси қўйилди.
Йиғилиш давомида тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди.
Изоҳ (0)