Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳудудида нефть отилиб чиқяпти, деган мазмундаги видео тарқалди. Тасвирда чуқурликдан сизиб чиқаётган қора рангли суюқлик акс этган. “Дарё” мухбири ҳолат юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот котиби Мўмин Ибодов билан боғланди.
Маълум қилинишича, видеотасвирдаги модда нефть эмас.
“Мутахассисларимиз видеодаги суюқликни нефть ундай отилиб чиқмайди, газга ўхшаяпти, дейишди. Яъни у нефть эмас ва Ўзбекистон ҳудудида қайд этилмаган”, — деди Мўмин Ибодов.
Аввалроқ “Афғонистон ҳукумати сифати пастлиги сабаб 67 та цистернадаги нефтни Ўзбекистонга қайтариб юборди”, деган мазмундаги хабарлар тарқалганди. “Ўзбекнефтгаз” раиси Баҳодир Сиддиқов мазкур ҳолатга изоҳ бериб, гап нима ҳақида бораётганини тушунтирганди.
“Афғонистон Ўзбекистон нефтини сифатсиз бўлгани учун қайтарибди, деган хабар тарқалди. Бу нотўғри маълумот. Чунки биз Афғонистонга нефть юбормаганмиз. Айримлар Афғонистоннинг бензинини қайтариб олиб келиб, заправкаларда сифатсиз бензин сотаётганимизни айтмоқда. Бу ҳам нотўғри маълумот. Биз Афғонистондан қайтиб келган маҳсулотни ҳеч қаерга олиб борганимиз йўқ. У контейнерида турибди. У бошқа жойга олиб борилади ёки сотилади. Бу дизел GTL заводида чиққан, янги маҳсулот. Унинг стандарти Афғонистонда йўқ. Шунинг учун улар буни тушунмади”, — деган компания раҳбари.
Изоҳ (1)
Uraaa neft yoki gazni sotib kattalarimz yana boyiydi