Олти ёшли канадалик қиз Симар Хурана Гиннеснинг рекордлар китобига кириб, дунёдаги энг ёш видеоўйинлар яратувчисига айланди. Бу ҳақда “Правила жизни” нашри хабар бермоқда.
Симар дастурлашни ўрганишни бир йилдан камроқ вақт олдин бошлаган. Бироқ унга мос синфларни топиш осон бўлмаган, чунки кўпчилик дастурлаш мактаблари ёши туфайли уни қабул қилишдан бош тортган. Бошқа нарсалар қаторида, видеоўйинларни яратиш учун тез ёзиш ва ўқиш қобилиятлари талаб қилинади: ўқитувчилар қизнинг бу ёшда яхши ўқишига ва ёзишига ишонишмаган. Бироқ орадан вақт ўтиб, Симарга ўқитувчи топилган.
Бир неча ойлик дарслардан сўнг, Симар ўзининг видеоўйинини яратишга қарор қилди. Оилавий шифокор қабулига бориш унга бу борада илҳом манбаи бўлган, у қизалоққа тўғри овқатланишнинг аҳамияти ҳақида гапириб берган.
Худди шу мавзуда Симар ўз ўйинини яратди ва уни Healthy Food Challenge деб номлади. Симарнинг фикрича, у ёрдамида қизалоқнинг тенгдошлари тўғри овқатланиш нима эканини ва керакциз овқатни кераклисидан қандай ажратиш кераклигини билиб олишади.
Қизалоқнинг отаси унинг математикага мойиллигини пайқаб, фарзандининг бу борада қобилиятли эканига ишонган. “Симар YouTube’даги видеоларни томоша қилиб, математикани ўзи ўрганган. У болалар боғчасига борганида учинчи синф ўқувчилари ишлайдиган математик масалаларни еча оларди. У топиб олган ҳамма нарсасидан, жумладан, эски қоғозлардан ўйинлар ва санъат асарларини яратди”, — дейди Симарнинг отаси.
Гиннеснинг рекордлар китобига кириш учун Симар бир ҳафтада тўрт марта дастурлаш дарсларига қатнаган. Шу билан бирга, қизалоқ математикани жуда яхши кўришини ва катта бўлганида профессионал видеоўйинлар яратувчиси бўлишни исташини айтган.
Изоҳ (0)