Ўзбекистон аҳолиси Мустақиллик байрамида кетма-кет 3 кун дам олади. Ойлик тўланадиган кун байрамга тўғри келиб қолганда маош қачон тўланиши ҳақида маълумот берилди.
Унга кўра, ойлик (иш ҳақи) тўланадиган кун дам олиш кунига ёки ишланмайдиган байрам кунига тўғри келиб қолганда иш ҳақи ушбу кунлар арафасида тўланади, яъни 1 сентябрдан олдин тўланиши керак. Ойлик олиш вақти кечиктирилса, кечиктирилган ҳар бир кун учун Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг 10 фоизи миқдорида компенсация тўланиши керак. Марказий банк ставкаси 14 фоиз, шундан келиб чиқадиган бўлсак ойликка нисбатан 1,4 фоизда компенсация берилиши керак.
Шунингдек, байрамдан олдинги кунда ходимлар камида 1 соат олдин ишдан кетиши мумкин. Ишланмайдиган байрам кунлари арафасида ҳар кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.
Агар ишни қисқартириш имкони бўлмаса (масалан, узлуксиз ишлайдиган ташкилотларда ва айрим турдаги ишларда) ортиқча ишлаганлик учун ходимга қўшимча дам олиш вақти берилади ёки ўша вақт учун 2 ҳисса ҳақ тўланади.
Изоҳ (0)