Шавкат Мирзиёев 11 август куни Бухорода ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор ҳудудларда электр энергиясини тежаш режаси бажарилмаганини танқид қилди.
Энергия таъминотидаги дефицитни тўлиқ қоплаш мақсадида апрель ойида ҳар бир туман ва шаҳарда ўрганишлар ўтказилгани, шу асосда 4,5 миллиард метр3 газ ва 7,5 миллиард киловатт соат электрни иқтисод қилиш бўйича туманбай дастурлар қабул қилингани қайд этилди.
Бироқ йиғилишда таъкидланганидек, кўп ҳудуд ва тармоқларда ҳали айтарли натижа бўлгани йўқ, раҳбарлари эса “сўров бўлмаяпти” деб, бу вазифаларни ўз ҳолига ташлаб қўйган.
Хусусан, Тошкент вилояти режага нисбатан 40 миллион метр3, Тошкент шаҳри 19 миллион, Самарқанд 13 миллион, Хоразм 3,5 миллион метр3 газни кўп истеъмол қилган. Электр бўйича Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент вилояти, Фарғона ва Тошкент шаҳрининг бирорта тумани тежаш режасини бажармаган.
Энергетика комплекси раҳбарлари бу ишларни пастда тизимли ташкил қила олмаётгани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, жаҳонда энергия ресурсларини тежаш масаласининг долзарблиги тобора ортиб бораётгани сабаб Ўзбекистонда “яшил энергетика”ни ривожлантириш ва иқтисодиётга энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш бўйича катта марралар олингани ҳам айтиб ўтилди.
Изоҳ (0)