Алексей Навалнийнинг сафдошлари бутун дунё бўйлаб “Путин – қотил” деб номланган норозилик акцияси ўтказилишини эълон қилди. Акция 2023 йилнинг 20 августида, Навалний заҳарланганига уч йил тўлиши муносабати билан ўтказилади.
“Қўрқув, зўравонлик, қотиллик — Путин ҳукумати 20 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турган воситалар. Буларнинг илк қурбонлари Россияда унга қаршилик кўрсатганлар, мамлакатимизнинг эркин келажаги учун курашганлар бўлди. Энди Путин XXI асрда қўшни давлат билан даҳшатли ва энг маъносиз урушни олиб бормоқда, унда ҳар куни юзлаб ва минглаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Путин — қотил. Келинг, буни энг баланд овозда айтамиз”, — дейилади Навалний жамоасининг баёнотида.
Telegram’да чоп этилган постга ушбу сурат илова қилинган.
Навалний жамоаси 20 август куни “хавфсиз мамлакатларда яшовчи барчани” митингга чиқишга чақирди. Фаоллардан “Путин – қотил” ибораси билан видео ёзиш ва тайёрланган ташвиқот материалларини тарқатиш сўралмоқда.
Жамоанинг ўзи ҳам Украинадаги уруш даҳшатлари акс этган видеони Telegram’га жойлаган.
Маълумот учун, айни пайтда Россиянинг Владимир вилоятидаги 6-колонияда жазо ўтаётган Алексей Навалнийга “экстремизм” бўйича янги жиноий иш қўзғатилган. Давлат прокурорлари унга яна 20 йиллик қамоқ жазоси беришни сўрамоқда.
Изоҳ (0)