Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ултрамиллатчи “Даниялик патриотлар” гуруҳи муқаддас Қуръон китобини ёқиб юборди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
Намойишчилар буни Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига яқинда уюштирилган ҳужумга норозилик сифатида амалга оширганини айтмоқда. Акция кучли полиция ҳимояси остида ўтган, унда беш кишидан ортиқ одам иштирок этмаган.
Копенгаген полициясининг маълум қилишича, китоб ёқиш 21 июль куни Ироқ элчихонаси олдида бўлиб ўтган.
“Ҳеч қандай тергов бошланмайди, чунки ҳеч қандай жиноят содир бўлмаган. Бир киши, эҳтимол, ўзига тегишли бўлган китобни ёқди ва бу ноқонуний эмас. Қолаверса, бу расман рўйхатадан ўтган намойиш эди”, — деди ҳуқуқ-тартибот идораси ходими.
Ироқ Ташқи ишлар вазирлиги “Ироқнинг Даниядаги элчихонаси олдида Қуръони Карим ва Ироқ Республикаси байроғини ҳақорат қилиш ҳодисасини” қоралади.
“Вазирлик фикр ва намойиш ўтказиш эркинлиги контекстида кўриб чиқилиши мумкин бўлмаган ушбу даҳшатли воқеани тергов қилишга тўлиқ содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, — дейилади Ироқ ТИВ баёнотида
Қуръоннинг ёқиб юборилишига оид сўнгги маълумотлар
Январь ойида Стокгольмдаги Туркия элчихонаси олдида Қуръон ёқиб юборилганди. Акцияни ултраўнг ва исломга қарши “Қаттиқ курс” партиясининг даниялик-швед фаоли Расмус Палудан бошқарган.
Апрель ойида Швеция маъмурий суди мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Қуръон ёқиб юборилган намойишларга қўйилган тақиқни бекор қилган. Суд ўз қарорида йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш эркинлиги конституциявий ҳимояланган ҳуқуқлар эканини келтирган.
Июнь ойида ироқлик муҳожир Стокгольмдаги бош масжид ёнида Қуръонни ёқиб юборганди.
20 июль куни Швеция полицияси Стокгольмдаги Ироқ элчихонаси олдида Қуръон ва Ироқ байроғи ёқиб юборилган норозилик намойишини ўтказишга рухсат берди. Шундан сўнг юзлаб одамлар Швециянинг Бағдоддаги элчихонасига бостириб кириб, бинога ўт қўйган. Намойишчиларни тарқатиш учун Ироқ полицияси сув пуркагичлардан фойдаланган.
Ўз навбатида, Ироқ мамлакатдан Швеция элчисини ҳайдаган ва яъна муқаддас китоб ёқиб юборилса, дипломатик алоқаларни узишини билдирган.
Изоҳ (0)