Нью-Йорк мэри Эрик Адамс 19 июль куни шаҳардаги мигрантлар сонини камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилди.
Хусусан, яқин кунларда Нью-Йоркдаги бошпаналарда бўлган катта ёшли мигрантларга ўзларига бошқа уй-жой топиш учун 60 кун вақтлари борлиги тўғрисида билдиришномалар берилади.
Шу билан бирга, расмийлар мигрантларга янги бошпана топишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Агар улар белгиланган муддат охиригача янги уй топа олмасалар, шунчаки бошпана сўраб қайта мурожаат қилишлари керак бўлади.
Бундан ташқари, расмийлар АҚШ-Мексика чегарасида Нью-Йорк энди Мексикадан келган мигрантларни қабул қила олмаслиги ва шу билан бирга улар учун аввалгидек ижтимоий таъминот даражасини сақлаб қола олмаслиги ҳақида варақалар тарқатишни бошлайди.
Ўтган баҳордан бери Нью-Йорк 90 мингга яқин мигрантни қабул қилган, улардан 55 минг нафари ҳамон шаҳар қарамоғида, дейди Адамс.
"Нью-Йоркка ҳар куни 300-500 бошпана изловчи келади. Бир йилдан ортиқ вақтдан бери Нью-Йорк бу инқирозни ёлғиз ўзи ҳал қилмоқда — бизга штат раҳбарияти ва федерал ҳукумат ҳам ёрдамлашиши керак", деди Адамс.
Нью-Йорк 1981 йилги суд қарори туфайли уйсиз қолган ҳар бир кишига бошпана беришга мажбур. Май ойида Нью-Йорк мери суддан агар ҳукумат мигрантларга ғамхўрлик қилиш учун етарли маблағга эга бўлмаса, болалари бўлмаган катта ёшдаги мигрантларга бошпана беришни рад этиш имкониятини қонунийлаштиришни сўраб мурожаат қилган эди.
Изоҳ (0)