Ўтган олти ойда фитосанитария талабларига жавоб бермагани учун салкам 1 тонна ва 249 931 дона маҳсулот йўқ қилинди.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Сабина Садинованинг маълум қилишича, 2023 йилнинг 1 ярим йиллигида фитосанитар назорат йўналишида экин майдонлари, мевали боғ-токзорлар ва иссиқхоналарда жами 3 миллион 600 минг гектардан ортиқ майдонда фитосанитар дала назорати амалга оширилди.
Минерал ўғитлар сифатини лаборатория таҳлилларидан ўтказиш тизими жорий этилиб, 9 та ҳолатда стандарт талабларига жавоб бермайдиган минерал ўғитларни қўллашнинг олди олинди.
Помидор ва қалампир маҳсулотларининг янги “Помидор жигарранг бужмайиш вируси касаллиги” республика ҳудудларида тарқалишига қарши чоралар кўрилиб, экспортга қўйилган чекловлар бартараф қилинишига эришилди.
Фитосанитар талабларга жавоб бермагани сабабли 14 та давлатга 143 та эътирознома (нотификация) юборилди. 9 000 дона зарарланган импорт маҳсулотлари экспортёр давлатларга қайтарилди.
Шунингдек, 2023 йилда 519 минг гектар майдонда зарарли чигиртка ўчоқларига қарши кимёвий ишлов башорат қилиниб, 493 минг гектар майдонда кимёвий ишлов ишлари ўтказилди.
Тут парвонаси зараркунандасига қарши кураш тадбирларини ўтказиш учун 2023 йилда республика бюджетидан 11 миллиард сўм ажратилди.
Изоҳ (0)