Бухоро вилоятида гуруҳ бўлиб молиявий пирамида ташкил қилганларга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди томонидан судланувчилар Ҳ.Бобоева, У.Жумаев, С.Асадов, Ҳ.Ҳамидов ва Р.Ҳамидоваларга оид жиноят иши кўрилди. Судланувчилар Golden cash store МЧЖ ташкилотчилари ҳисобланган чет давлатлар фуқаролари М.Мунтян, О.Савелев ва бошқалар томонидан ташкил қилинган уюшган гуруҳга аъзо бўлиб, гуруҳ манфаатини кўзлаб жиноят содир этишди.
Хусусан, О.Савелев бошчилигидаги уюшган гуруҳ гўёки, ўзларини тилла буюмлари билан савдо қилувчи йирик компания сифатида фаолият олиб борган. Улар фуқаролардан олинган тилла буюмлар ҳамда пул маблағлари учун 16,7 фоиздан 260 фоизгача фойда билан қайтариб беришни ваъда қилиб, 2021 йил апрель ойидан ноябрь ойига қадар 42 нафар кишини алдаб, ишончини суиистеъмол қилиб келган. Оқибатда, жуда кўп миқдордаги қиймати 156,6 минг АҚШ доллари пул маблағларини Golden cаsh store МЧЖ ХКнинг ҳисоб рақамига ўтказишга эришган.
Golden cаsh store МЧЖ аъзолари фуқаролар орасида тарғибот ишларини олиб бориб, уларни пул ва моддий қимматликларини топширтиришга даъват этган. Ушбу маълумотларга қизиққан фуқароларга, агарда шу фуқаролар ўзининг ортидан мижоз топса, ҳар бир жалб қилган мижоз томонидан топширилган сумманинг 6 фоиздан 20 фоизгача бўлган қийматда бонус олиб беришини билдирган. Айрим фуқаролар тарғиб қилинаётган маълумотлар бўйича “кешбэк” ва “бонус”лар оқиб келишига ишониб, “молиявий пирамида” ҳосил қилинган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг ҳукмига кўра, Жиноят кодекси 188 прим 1-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари билан айбли деб топилган С.А. 5 йил, У.Ж. 5 йил, Х.Б. 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига 2 йил 5 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Шунингдек, жабрланувчи фуқароларга етказилган зарар судланувчилардан солидар тартибда ундирилиши белгиланди.
Изоҳ (0)