Польша шифокорлари Тбилисида ҳибсда сақланаётган Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили билан учрашишга муваффақ бўлди. Польша гуманитар тиббий ёрдам иттифоқи (ЗPHМ) мутахассислари маҳбусни кенг қамровли текширувдан ўтказишни бошлади, деб ёзди Польша бош вазири Матеуш Моравецкий 12 июль куни Twitter’да.
Польша шифокорлари Грузияга Европа Иттифоқи номидан келган: Саакашвилига тиббий миссия юбориш қарори ярим йил аввал Брюсселда қабул қилинган эди.
“Олти ойлик кечикишдан сўнг ҳукумат ниҳоят шифокорларга Михаил Саакашвилини касалхонада кўрикдан ўтказишга рухсат берди. Шифокорлар унинг аҳволини ўрганиб, кейин ўз хулосаларини чиқаради”, — деди AFP’га Саакашвилининг адвокати Дито Садзаглишвили.
Саакашвили таниб бўлмас даражада озиб кетган
3 июль куни Михаил Саакашвили 2007 йилдаги митингни куч билан бостириш иши бўйича суд мажлисида видеоалоқа орқали иштирок этганидан сўнг Грузия собиқ президентининг соғлиғига халқаро эътибор яна кучайди. Судланувчи жуда заиф ва озиб кетган ҳолда кўриниш берди.
Ўша куни Украина президенти Владимир Зеленский “Россия Украина фуқароси Михаил Саакашвилини Грузия ҳукуматининг қўли билан ўлдирмоқда”, дея Грузияни уни Украинага даволаниш учун юборишга чақирди. У шунингдек, Украина Ташқи ишлар вазирлигига Грузия элчиси Георгий Закарашвилининг Тбилисида маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатни тарк этишини сўрашни топширди. Орадан кўп ўтмай, элчи Киевни тарк этди.
2023 йил апрель ойи бошида Михаил Саакашвили Американинг Politico нашрига йўллаган мактубида ўлим ёқасида эканини таъкидлаб, АҚШ, Европа Иттифоқи ва халқаро ҳамжамиятни “ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун ҳамма нарсани қилишга” чақирганди.
Изоҳ (0)