БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши Қуръон ва бошқа муқаддас китобларни ёқиб юборишни қораловчи резолюция қабул қилди.
“Кенгаш сўнгги пайтларда оммавий равишда ва қасддан содир этилаётган Қуръони Каримни таҳқирлаш ҳаракатларини қоралайди ва қатъиян рад этади ҳамда диний адоват қўзғаётган ушбу шахсларни давлатларнинг халқаро инсон ҳуқуқларидан келиб чиқадиган қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиш зарурлигини таъкидлайди”, — дейилади ҳужжатда.
12 давлат — АҚШ, Буюк Британия, Бельгия, Коста Рика, Чехия, Финляндия, Франция, Германия, Литва, Люксембург, Черногория, Руминия мазкур резолюцияга қарши чиқди.
28 давлат, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам БМТнинг бу резолюциясини ёқлаб овоз берган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти давлатларни диний адоват ва зўравонликни қўзғатувчи ҳаракатлар учун жавобгарликка тортишга тўсқинлик қилиши мумкин бўлган қонунларидаги бўшлиқларни аниқлаб, уларни қўллаш тизимини қайта кўриб чиқишга чақирмоқда.
28 июнь куни Стокгольмда ироқлик эркак Қуръонни ёқиб юборди. Бағдод Қуръоннинг ёқилишини қоралаб, “салбий” оқибатларидан огоҳлантирди ва бу акциянинг “сўз эркинлигига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини” таъкидлади. Туркия ҳодисани “исломга қарши ҳаракат” деб атади, Марокаш эса ўз элчисини мамлакатдан чақириб олишга қарор қилди.
Изоҳ (0)