Президент қарори билан қишлоқ хўжалигида фан, таълим ва амалиётни интеграциялаштириш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Қарорга мувофиқ, сентябрь ойидан бошлаб янги қишлоқ хўжалиги кластерлари ва кооперативлари учун рухсатномалар бериш шартларидан бири олий ўқув юртлари ва илмий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш масалаларини ўрганиш бўлади. Бу инновациялар ва илм-фан ютуқларини жорий этиш, шунингдек, инсон капиталини ривожлантиришни ўз ичига олади.
Ўз навбатида, олий ўқув юртлари Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг устувор муаммоларидан келиб чиққан ҳолда диссертация ҳамда илмий лойиҳалар мавзуларини шакллантиради. Лойиҳаларни амалга оширишда маҳаллий ва хориж тажрибаси ўрганилади.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш, илм-фан ютуқларини жорий этиш ва тижоратлаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилмоқда. Унинг фаолияти учун халқаро ташкилотлардан 5 миллион доллар грант ажратилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш бўйича ягона марказларни ташкил этиш бўйича топшириқ белгиланган. Улар жорий қишлоқ хўжалиги марказлари ва “Агробанк” фермерлар мактаблари, саноат парклари, ССП инкубация марказлари, фито- ва ветеринария клиникаларининг хизматларини қамраб олади.
Март охирларида Шавкат Мирзиёев “Аграр секторни замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни рағбатлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаганди. Унга кўра, 2023—2024 йилларда қишлоқ хўжалиги техникаси харидини молиялаштириш учун жами 2,6 триллион сўм йўналтириш режалаштирилган.
Изоҳ (0)