Тошкент шаҳрида 19 июнь куни бўлиб ўтган ТУРКСОЙ ташкилотининг 30 йиллигига бағишланган тадбирда бир гуруҳ жамоа арбоблари, маданият ва санъат ходимлари “Олтин медал” мукофоти билан тақдирланди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар бермоқда.
Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилей тантаналари 18–19 июнь кунлари бўлиб ўтди. Юбилей тантаналарида қатнашиш учун туркий тилли давлатлардан 150 нафар маданият ва санъат ходими иштирок этди.
Маросимда ўзбек маданияти ва санъатини дунё миқёсида тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшганлиги учун бир гуруҳ санъаткорлар ташкилотнинг “Олтин медал” мукофоти билан тақдирланди:
- Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков;
- Профессор Бахтиёр Сайфуллаев (марҳум)
- Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев;
- Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов;
- Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саидов;
- Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев;
- Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова.
Шунингдек, бир гуруҳ маданият ва санъат ходимлари ташкилотнинг “30 йиллик” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маълумот учун, Халқаро туркий маданият ташкилоти (турк. International Türk Kültürü Teshkilati, TURKSOY) – туркий тиллар оиласига мансуб тилларда сўзлашувчи туркий аҳоли яшайдиган мамлакатларнинг халқаро маданий ташкилотидир.
ТУРКСОЙ собиқ расмий исмининг қисқартирилишидан келиб чиққан, яъни “Turk Kültür ve Sanatları Ortak Yönetimi”. Туркий тиллар – бу Шарқий Европа, Кавказ, Марказий Осиё ва Ғарбий Осиёдан Шимолий Осиё (хусусан Сибир) ва Шарқий Осиёга қадар Евросиёнинг туркий халқлари сўзлашадиган камида 35 ҳужжатлаштирилган тилларнинг оиласи ҳисобланади. Ана шу туркий тилда сўзлашувчи баъзи давлатлар ТУРКСОЙ ташкилотини тузган.
1992 йилда Боку ва Истанбулда бўлиб ўтган учрашувларда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркия ва Туркманистон маданият вазирлари маданий доирада бирга ҳамкорлик қилишга содиқ эканликларини билдиришган. Кейинчалик ТУРКСОЙ 1993 йил 12 июлда Олмаотада имзоланган битим асосида ташкил этилган. ТУРКСОЙ туркий халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)