Шавкат Мирзиёев Эронга расмий ташрифи доирасида Теҳрон шаҳрида инновациялар ва технологиялар ихтисослаштирилган кўргазмасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, давлат раҳбарига Эрон президенти Иброҳим Раисий ва бошқа расмий шахслар ҳамроҳлик қилди. Кўргазмада Эроннинг йирик илм-фан ва ишлаб чиқариш компанияларининг юқори технологиялар ва инновациялар, машинасозлик, ускунасозлик, тиббий техника, фармацевтика, замонавий қурилиш материаллари, тўқимачилик тармоқларидаги маҳсулотлари тақдим этилган.
Ўзбекистон етакчиси компанияларнинг стендларини кўздан кечирди. Эрон саноатчилари турли турбиналар, дори воситалари ва уларнинг ингредиентлари, тиббий ускуналар, нефть катализаторлари ва сунъий матолар борасидаги энг янги ишланмаларини намойиш этди.
Давлат раҳбари компаниялар раҳбарлари билан мулоқот қилди, янги технологияларнинг тақдимотлари билан танишди. Кўргазма билан танишув якунида ўзбекистонлик мутасаддиларга эронлик тадбиркорлар билан биргаликда юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, мамлакатда Эрон технологиялари ва инновацион ечимларини жорий қилиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш топширилди.
Изоҳ (0)